АОКАда Ўрмон хўжалиги агентлиги ахборот хизмати раҳбари Отабек Ашуров иштирокида брифинг ўтказилди.
Қайд этилишича, мамлактимизда белгиланган қонунчиликка кўра, экологик ҳолатни яхшилаш, Орол денгизининг суви қуриган туби ва Оролбўйи минтақасидан кўтарилаётган қум, туз ва чанг заррачаларининг салбий таъсирини камайтириш, ушбу ҳудудларда чўл ўсимликларидан “яшил қопламалар” барпо этиш ишларини изчиллик билан давом эттириш ҳамда глобал иқлим ўзгаришларининг салбий таъсирини янада юмшатиш мақсадида барча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2022 йилда 107 минг гектар майдонда саксовул ва бошқа чўл ўсимликларидан “яшил қопламалар” барпо этилди. Жами 590,3 тонна, шундан 391 тонна маҳаллий аҳоли томонидан чўл ўсимликларининг уруғлари жамғарилди, 100 гектар саксовул ва бошқа чўл ўсимликларидан ниҳолхоналар ташкил этилди ҳамда 635 нафар ишчи-ходимлар, 250 дона юқори унумли тракторлар ва 2 дона кичик авиация (АН-2) жалб этилди. Шунингдек, ушбу барпо этилган “яшил қопламалар” соҳа олимлари томонидан доимий мониторинг қилиниб, чўл ўсимликларининг кўкариши бўйича яхши натижаларга эришилмоқда. Жорий йилда 100 минг гектар майдонда “яшил қопламалар” ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилади. Ушбу “яшил қопламалар”ни барпо этиш ва хатосини тўлдириш учун жами 420 тонна саксовул, қандим, қорабуроқ каби чўл ўсимликларининг уруғлари жамғарилади. 100 гектар майдонда саксовул ва бошқа чўл ўсимликларидан ниҳолхоналар ташкил этилади. Зарур миқдордаги техника ва механизмлар, мутахассис ва ишчи-ходимлар, шунингдек ихтиёрий равишда аҳоли ўрмон мелиоратив тадбирларини амалга ошириш учун жалб этилади. Жорий йилда Орол денгизининг суви қуриган тубида “яшил қопламалар” барпо этиш учун жами 25 миллиард сўм маблағ талаб этилади. Молиялаштириш манбалари бўйича Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармасидан 5 миллиард сўм, Ўрмон хўжалигини ривожлантириш жамғармасидан 5 миллиард сўм, акциядорлик тижорат банкларидан 5 миллиард сўм, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан 10 миллиард сўм ажратилади. Бундан ташқари, ўтган йиллардаги мавжуд қарздорликлар учун Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан 5,5 миллиард сўм мақсадли маблағлар ажратилиши кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, Оролбўйи минтақаси бўлган Навоий вилоятида 50 минг гектар, Бухоро вилоятида 40 минг гектар ҳамда Хоразм вилоятида 11 минг гектар майдонда “яшил қопламалар” барпо этилди.