Орол денгизи қуриган тубида “яшил қоплама” барпо этиш учун жорий йил 25 миллиард сўм керак

Орол бўйида экологик аҳвол кескинлашуви – замондошларимизни ташвишга солаётган глобал муаммо. Орол танглиги йирик минтақавий экологик ҳалокат бўлиб, денгиз ҳавзасида яшайдиган 35 миллиондан зиёд киши, шу жумладан, Ўзбекистон аҳолисининг катта қисми айни таъсир остида яшамоқда. Минг афсуски, яқин ўтмишда дунёдаги энг йирик кўллардан ҳисобланган Орол тезлик билан қуримоқда.

– Табиат инъоми бўлган Оролни асл ҳолига қайтариш имконияти, афсуски, қолмади,  дейди Табиат ресурслари вазирлиги Биологик хилма-хилликни асраш бошқармаси бошлиғи Абдурашид Содиқов.  Бугунги шароитда денгиз сатҳини сақлаб қолишнинг ҳам иложи йўқ. Шамол қуриган ҳудуддан кўтарилган қум ва тузни учиришига қарши чора кўриш учун сунъий ўрмонлар бунёд қилиш муҳим аҳамиятга эга. Шу боис 1981 йилдан бошлаб денгизнинг қуриган қисмида дарахт ва бута: оқ, қора саксовул, қандим, чуркез ва бошқа ўсимликлар ўстиришга эътибор берила бошланди. Бу чора самара бериб, ҳозир йилига 25 минг гектар ўрмон ташкил қилинмоқда.

2022 йил давомида Орол денгизининг қуриган ҳудудида глобал экологик муаммонинг олдини олиш ва аҳолининг ижтимоий-иқтисодий яшаш тарзини яхшилашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар олиб борилди. Хусусан, 107 минг гектар майдонда саксовул ва бошқа чўл ўсимликларидан “яшил қоплама” барпо этилди. Маҳаллий аҳоли кўмагида 590,3 тонна чўл ўсимлиги уруғи жамғарилди. Юз гектар саксовул ва бошқа чўл ўсимликларидан ниҳол хоналар ташкил этилди.

Маълумки, ўсимлик ёки кўчат экиш билан иш битмайди. Кўзланган натижага эришиш учун барпо этилган “яшил қоплама” ўсиши, кўчатлар кўкариб, униб кетишини доимий равишда назорат қилиш талаб этилади. Шу боис айни йўналишдаги ишларни олимлар доимий мониторинг қилиб боради. Ҳозир чўл ўсимликларини кўкартириш бўйича яхши натижаларга эришиляпти.

Жорий йил ҳам бу борада тизимли ишлар режалаштирилган. Жумладан, 2023 йил юз  минг гектар майдонда “яшил қоплама” ҳимоя ўрмонзори барпо этилади. “Яшил қоплама” барпо этиш, хатосини тўлдириш учун жами 420 тонна саксовул, қандим, қорабуроқ каби чўл ўсимликлари уруғи жамғарилади. Саксовул ва бошқа чўл ўсимликларидан ниҳол хоналар ташкил этилади. Ўрмон-мелиоратив тадбирларини амалга ошириш учун зарур миқдордаги техника ва механизм, мутахассис ва ишчи-ходим, шунингдек ихтиёрий равишда аҳоли жалб этилади.

2023 йил “яшил қоплама” барпо этишни молиялаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамаси фармойиши асосида жорий йил жами 25 миллиард сўм маблағ талаб этилади.

Бундан ташқари Оролбўйи минтақалари – Навоий вилоятида 50 минг гектар, Бухоро вилоятида 40 минг гектар ҳамда Хоразм вилоятида 11 минг гектар майдонда “яшил қоплама” барпо этилди.

Шу ўринда айтиш керак, Орол ва Оролбўйи муаммосини ҳал қилишда Марказий Осиё мамлакатлари ҳамкорликда иш олиб бормоқда. АҚШ, Япония, Германия, Франция ва бошқа ривожланган мамлакатлар, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Жаҳон Банки ва турли давлат ҳамда нодавлат халқаро ташкилотлар ушбу аср муассосини ижобий ҳал қилишга ҳисса қўшмоқда.

Источник информации: Гўзал Сатторова, ЎзА

Полезные ссылки

О‘zbekiston Respublikasi ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim o‘zgarishi vazirligi huzuridagi Orolbo’yi xalqaro innovatsiya markazi

Адрес: ССГ Саманбай, Нукус 230100, Республика Каракалпакстан, Узбекистан

Телефон: +998 (61) 225-74-56

Эл. почта: info@iic-aralsea.uz, iic-aralsea@exat.uz

Режим работы: Понедельник-Пятница, с 09:00 до 18:00

Открыть в яндекс.карты