ПEКИН, 16 август. /»Дунё» АА/. Хитой Фанлар академияси Шинжон Экология ва география институти директори Чжан Юанмин «Дунё» АА учун интервьюсида Ўзбекистон ва халқаро ҳамжамиятнинг Оролбўйи минтақаси экотизимини тиклаш борасидаги саъй-ҳаракатлари ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди:
– Биз Ўзбекистон Фанлар академияси, Ўзбекистон Миллий университети, Нукус шаҳридаги Оролбўйи халқаро инновацион маркази билан узоқ вақтдан бери ҳамкорлик қилиб келяпмиз. Ҳамкорлик жараёнида биз чўлланиш ва шўрланишга қарши курашиш, шунингдек, воҳада қишлоқ хўжалиги ва пахта экиш каби йўналишларда бир қатор лойиҳаларни амалга оширишга муваффақ бўлдик. Шунингдек, Мўйноқда галофит (шўра) боғи яратилди, ундан экологияни тиклаш, шунингдек, Орол денгизи жанубида шўрланишга қарши курашда фойдаланилмоқда. Бундан ташқари, бизнинг раҳбарлигимизда Нукус шаҳрида йиллик юқори ҳосилдорликка эга пахта навларини етиштириш учун тажриба участкалари ташкил этилди.
Ўзбекистон билан ҳамкорлик муваффақиятли кечади, деб ўйлайман. Ўзбекистон Миллий университети, Нукус шаҳридаги Оролбўйи халқаро инновацион маркази билан биргаликда ташкил этилган лабораториялар бунинг тасдиғидир. Ўзбекистон Фанлар академияси Ботаника институти билан ҳам қўшма лойиҳаларни амалга оширяпмиз.
Ўзбекистон олимлари биологик хилма-хилликни асраб-авайлаш, экологияни тиклаш, шунингдек, чанг ва қум бўронлари хавфини камайтириш бўйича илмий-тадқиқотларда катта тажрибага эга эканликларини таъкидламоқчиман. Ўйлайманки, биргаликда амалга ошираётган лойиҳаларимиз самараси жуда юқори бўлади, шунингдек, улар минтақада атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва одамлар ҳаётига ижобий таъсир кўрсатади.
Лойиҳалар бугунги кунда Оролбўйи минтақаси учун ҳақиқатан ҳам халқаро платформага айланган. Мен нафақат хитойлик олимларни, балки бутун дунё олимларини ҳам назарда тутяпман. Улар асосий эътиборни экологик муаммоларга, тиклаш ишларига қаратиб, катта муваффақиятларга эришдилар. Олдинда биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан ҳал этилиши мумкин бўлган кўплаб саволлар ва муаммолар турибди. Шунинг учун биз барчани ушбу ҳудудларда экологияни тиклаш ва биологик хилма-хилликни сақлашга қаратилган қўшма тадқиқотлар ўтказиш учун кучларни бирлаштиришга чақирамиз.
Ўйлайманки, бу Оролбўйи минтақасида муқобил энергия манбалари, «яшил» технологиялар, «яшил» ривожланишни излаш ва яратиш бўйича жуда муҳим ташаббус бўлиб, халқаро илмий ҳамжамият учун яхши намуна бўла олади.
Яқин кунларда, яъни жорий август ойи сўнггида Ўзбекистон мутахассислари ва хитойлик олим Қозоғистон ҳамда Россия олимлари билан биргаликда Оролбўйида атроф-муҳит ва экология бўйича дала экспедициясини ўтказадилар. Мазкур халқаро дала ишчи гуруҳлари асосан тупроқ хусусиятлари, сув режимлари, ўсимликлар, биологик хилма-хиллик, шунингдек, ландшафт дала тадқиқотларининг айрим турларига эътибор қаратади. Бундай дала ишлари натижасида биз Оролбўйидаги мавжуд вазият ҳақидаги аниқ маълумотлар ва таҳлилларни қўлга киритамиз, бу эса ҳудудни тиклаш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.