БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг (ФАО) Римдаги қароргоҳида «Тупроқ бўйича глобал ҳамкорлик» ўн иккинчи пленар ассамблеяси бўлиб ўтди. Унда хорижий ваколатхоналар, халқаро ташкилотлар вакиллари ва тупроқшунос олимлар иштироки этишди. Анжуман доирасида мамлакатимиз элчихонаси томонидан ФАОнинг Тошкентдаги ваколатхонаси билан биргаликда «Ўзбекистонда барқарор тупроқ ва ўрмон хўжалигини бошқаришда миллий дастурлар» мавзуида алоҳида тадбир ташкил этилди. Мазкур тадбирда Ўзбекистоннинг ФАО ҳузуридаги доимий вакили, элчи Абат Файзуллаев иштирокчиларга мамлакатда қишлоқ хўжалиги ерлари ҳолатини яхшилаш ва тупроқ унумдорлигини ошириш, хусусан, улардан оқилона ва самарали фойдаланиш масалалари давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани тўғрисида маълумот берди. Иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари Орол фожиаси туфайли Марказий Осиёда жиддий сезилаётгани таъкидланди. Минтақада ҳаво ҳароратининг ошиши жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан икки баравар кўп. Фавқулодда иссиқ кунлар сони икки марта ортган бўлиб, музликлар майдони кескин қисқарган. Мамлакатимиз минтақа бўйлаб юз бераётган тупроқнинг шўрланиши, қурғоқчилик ва ер унумдорлигини йўқолишидан энг кўп зарар кўрмоқда. Орол денгизининг қуриб қолган тубидан ҳавога кўтарилган туз, чанг ва қум массаси атмосферани тобора ифлослантирмоқда. Охирги 6 йил ичида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Орол денгизининг қуриган тубида 2 миллион гектар майдонда шўрга чидамли ўсимликлар экилгани ҳамда «Яшил макон» миллий дастури доирасида мамлакатимиз бўйлаб давом этаётган бир миллиард туп кўчат экиш ишлари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Шунингдек, ўтган йил декабр ойида Дубайда бўлиб ўтган БМТ Иқлим ўзгариши бўйича конференциясида (СOP28) Ўзбекистон томонидан илгари сурилган Оролбўйи ҳудудини экологик офат зонасидан «Инновациялар, технологиялар ва янги имкониятлар минтақаси»га айлантириш ҳамда Иқлим технологиялари халқаро экспо-хабини яратиш каби таклифлар илиқ кутиб олинди. ФАОнинг Ўзбекистон билан ҳамкорликда бу борада амалга оширилаётган лойиҳалари ва истиқболдаги режалари иштирокчилар томонидан муносиб эътироф этилди. Маълумот ўрнида, ФАО ҳузуридаги «Тупроқ бўйича глобал ҳамкорлик» 2012 йил 5 декабрда таъсис этилган бўлиб, унинг асосий мақсади дунёда тупроқ ресурсларини яхшилаш, тартибга солиш ва биологик хилма-хилликни сақлашга ҳисса қўшишдан иборат.
РИМ, 8 июня. /ИА “Дунё”/.