Ўзбекистон “Яшил ипак йўли” доирасида кенг кўламли халқаро ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор. Шу муносабат билан Хитой ҳамда “Макон ва йўл” саммитининг бошқа иштирокчилари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича фикрларимиз билан ўртоқлашмоқчиман.
- Биринчидан, биргаликдаги саъй-ҳаракатларимизни янада яқиндан мувофиқлаштириш мақсадида “Марказий Осиёнинг “яшил” кун тартиби” ва “Яшил ипак йўли” концептуал ташаббусларининг ўзаро боғлиқ ҳолда амалга оширилиши тарафдоримиз. Қуйидаги муҳим вазифаларнинг амалга оширилишини таъминлаш мақсадида кенг кўламдаги ”Яшил” тараққиёт дастури”ни ишлаб чиқишни таклиф этамиз: иқтисодиёт тармоқларини “яшил” тараққиёт талаблари асосида трансформация қилиш ва рақамлаштириш, транспорт ва энергетика тармоқларида барқарор инфратузилмани яратиш, “яшил” саноат қувватларини ишга тушириш, камбағалликни қисқартириш ва “ақлли” қишлоқ хўжалигини ривожлантириш.
- Иккинчидан, “яшил” ишлаб чиқариш занжирлари ва инновацияларни ривожлантириш соҳасида амалий ҳамкорликни кенгайтиришни муҳим, деб ҳисоблаймиз. Хитойнинг етакчи компаниялари билан биргаликда ва бошқа хорижий ҳамкорларни жалб этган ҳолда, “яшил технологиялар”ни кенг жорий қилиш асосида саноат соҳасида ва муҳим ижтимоий аҳамиятга эга бўлган дастурларни амалга ошириш учун Оролбўйи минтақасида Махсус намунали технологик паркни ташкил этишга тайёрмиз.
- Учинчидан, Хитойнинг “Макон ва йўл” дастурининг “яшил” инвестициялар тамойиллари” борасидаги ташаббусини қўллаб-қувватлаймиз ва уни амалга оширишда иштирок этиш ниятидамиз. Ўзбекистонда “Яшил” молиялаштириш” жамғармасини таъсис этишни таклиф қиламиз. Ушбу жамғарма кам углеродли иқтисодиёт ва “тоза” технологияларни ривожлантириш, шунингдек, минтақа мамлакатларида юқори экологик стандартларни жорий этиш учун молиявий ресурсларни сафарбар қилишнинг таъсирчан воситасига айланади.
- Тўртинчидан, биз “Макон ва йўл” дастурида иштирок этаётган мамлакатларни “яшил” маҳсулотлар, айниқса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ўзаро савдосидаги чеклов ва тўсиқларни камайтиришга чақирамиз.
- Бешинчидан, “яшил” энергияга ўтиш бўйича мулоқотни фаоллаштириш ва “Макон ва йўл” ташаббусига қўшилган мамлакатлар вазирларининг мунтазам учрашувларини ўтказишни муҳим, деб биламиз. Аминмизки, бу қайта тикланадиган энергия соҳасида халқаро кун тартибини кенгайтириш бўйича ўзаро мувофиқлаштирилган ёндашувларни ишлаб чиқиш имконини беради.
- Олтинчидан, Оролбўйи халқаро инновациялар маркази негизида “яшил” билим ва ечимларни трансфер қилиш бўйича илмий-ахборот платформасини ишга туширишни таклиф этамиз.
- Еттинчидан, биз Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети негизида “Яшил” тараққиёт ва экология соҳасида мутахассислар тайёрлаш ва академик алмашувни ривожлантириш бўйича қўшма дастур ишлаб чиқиш тарафдоримиз. Бу борада Хитой ҳамда “Макон ва йўл” ташаббусининг бошқа иштирокчи мамлакатлари етакчи олийгоҳлари ва таълим марказлари бизнинг шерикларимиз сифатида иштирок этишлари мумкин.
- Ва ниҳоят, биз жамиятда табиий ресурслар ва атроф-муҳитга нисбатан эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш бўйича анъанавий қадриятларни қарор топтирмасдан туриб, “яшил” тараққиётга ўтиш мумкин эмас, деб ҳисоблаймиз. Шу муносабат билан “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида “яшил” маданиятни ривожлантириш бўйича Глобал дастурни ишга туширишни ва унда этно-экологик фестиваллар, форумлар, мамлакатларимиздаги таниқли жамоат арбоблари, фан, бизнес ва маданият намояндалари иштирокида тақдимотлар ва тадбирларни ўтказишни назарда тутишни таклиф этамиз. Бундан ташқари, Президентимиз табиий ресурслар ва атроф-муҳитга нисбатан эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш масаласига тўхталди.
“Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида таниқли жамоат арбоблари, фан, бизнес ва маданият намояндалари иштирокида этно-экологик фестиваллар, форумлар, тақдимотлар ва бошқа тадбирлар ўтказишни назарда тутувчи “яшил” маданиятни ривожлантириш бўйича Глобал дастурни ишга туширишни таклиф қилди. Президент Шавкат Мирзиёев сўзининг якунида форум якунлари, унда билдирилган ғоя ва таклифлар инсониятнинг “яшил” келажагини барпо этиш йўлида муҳим ҳисса бўлишига ишонч билдирди.