Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатининг асосий йўналишларидан бири Хитой Халқ Республикаси билан сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантиришдан иборат. Айни пайтда Хитой-Ўзбекистон муносабатлари ривожланишнинг энг юқори босқичида бўлиб, давлатимиз раҳбари мамлакатлар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берди. Белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази ва Хитой Фанлар академияси Синцзян экология ва география институти (XIEG) бир неча йиллардан буён ҳамкорлик қилиб, қўшма экологик йўналишдаги лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Жорий йилнинг 9 май куни Халқаро инновация марказида Хитой Фанлар академияси (CАС) ва Хитой Фанлар академияси қошидаги Синцзян экология ва география институти делегациясининг CАС вице-президенти проф. Чжан Тао бошчилигида, CАС Фан ва технологияларни ривожлантириш бюроси бош директори проф. Вен Я, CАС Халқаро ҳамкорлик бюроси бош директорининг ўринбосари Ву Янг, Тибет платоси институти ректори Яо Тандонг, XIEG бош директори Чжан Юанмин ва CАС тизимидаги ИТИ ва ОТМ профессор-олимлари иштирокида расмий ташрифи бўлиб ўтди. Учрашувда Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама стратегик ҳамкорликнинг муҳимлиги қайд этилиб, Оролбўйи минтақасини комплекс ривожлантириш бўйича истиқболли лойиҳа таклифлари, жумладан, инновацион экологик ишланмалар ва технологияларни жорий этиш йўллари тақдимоти бўлиб ўтди. Делегациянинг мазкур ташрифидан кўзланган асосий мақсад илм-фан, экология ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларда қўшма ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишдан иборат. Хусусан, Оролбўйида сув танқислигига мослашиш ва қуриган денгиз тубида чўл ўсимликлари плантацияларини яратиш бўйича қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди. Ўзбекистонда минтақадаги экологик вазиятни яхшилаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар муҳокамасига алоҳида эътибор қаратилиб, меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати томонидан экология соҳасида, Орол денгизининг қуриши оқибатлари салбий таъсирларни бартараф этиш, Оролбўйида ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларни яхшилаш, денгизнинг қуриган тубида яшил қопламаларни барпо этиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан таништирилди. Мўйноқга ташрифи чоғида делегация аъзоларига Оролбўйида амалга оширилаётган ўзгаришлар, хусусан, Орол денгизининг қуриган тубида кўкаламзорлаштириш бўйича Давлат дастурлари ижроси ҳамда ХХР билан ҳамкорликда Инновация марказининг «Мўйноқ» илмий-ишлаб чиқариш майдончасида амалга оширилаётган лойиҳалар, Оролбўйи минтақасида амалга оширилаётган ишлар намойиш этилди. Сўнгра делегация Орол денгизи тарихи музейида бўлиб, Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ экологик инқироз кўлами ва ижтимоий оқибатларини визуал баҳолашди. Учрашув якунлари бўйича Оролбўйи минтақасини тиклаш бўйича томонларнинг янада яқин ҳамкорлигининг асосий тамойиллари ва истиқболли йўналишлари билан бирга аниқ вазифалар белгилаб олинди.