Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация марказида Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик халқаро маркази (ICBA, БАА) олимлари ҳамда мутахассислари иштирокида “Қорақалпоғистоннинг ривожланмаган туманларида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг барқарор тизимларини ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш масалалари бўйича консультатив семинар ўтказилди.
Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгаши, Вазирлар Кенгаши, тегишли вазирликлар билан қўмиталар, олий таълим муассасалари ва тегишли соҳа ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Таъкидланганидек, “Абу Даби ривожланиш фонди” томонидан молиялаштириладиган қиймати 5,1 миллион АҚШ доллари бўлган мазкур лойиҳани Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик халқаро маркази (ICBA, БАА), Инновацион ривожланиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда 2023-2025 йилларда амалга ошириш белгиланган. Лойиҳа доирасида Орол денгизи экологик инқирози оқибатларини юмшатиш ва унга мослашиш тадбирларини ишлаб чиқиш, ирригация ва дренаж инфраструктурасини яхшилаш, хўжалик юритишнинг замонавий, иқлимга чидамли услубларини жорий этиш, иқлимга чидамли, мақбуллаштирилган деҳқончилик қилиш бўйича тавсияномалар ишлаб чиқиш ва уни кенг тарқатиш, деҳқон-фермерлар ва манфаатдор томонларнинг салоҳиятини ошириш, шунингдек, агробизнесни ривожлантириш бўйича кенг кўламли тадбирлар амалга оширилади. Тадбирда Оролбўйи халқаро инновация маркази томонидан олиб борилаётган лойиҳалар ва илмий-экспериментал ишлар семинар иштирокчиларига тақдимот шаклида таништириб ўтилди. Сўнг семинар иштирокчилари лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни кенг муҳокама қилди. Семинар давомида иштирокчилар марказнинг “Саманбай” илмий –ишлаб чиқариш участкасида олиб борилаётган илмий-экспериментал лойиҳалар ва ишлар билан танишди. Тадбирдан сўнг меҳмонлар Чимбой туманидаги Қорақалпоғистон деҳқончилик илмий-тадқиқот институти фаолияти билан ҳам танишди.