Қайд этиш керак, Германия Халқаро хамкорлик жамияти (GIZ) ҳамда Ўзбекистон “Аграр соҳа аёллари” уюшмаси ўртасида 2022 йил 12 апрель санасида “Оролбўйи минтақасидаги аёлларни агротадбиркорлика жалб этиш орқали салоҳиятини кучайтириш ҳамда чиқиндлардан инновацион усулда компост тайёрлаш, шўрланган ерларни самарадорлигини ошириш ва ҳудуд экологиясини яхшилаш” грант лойиҳаси имзоланган эди.
Конференция Ўзбекистон “Аграр соҳа аёллари” уюшмаси томонидан ташкил этилиб, унда агросаноат мажмуидаги раҳбар ходимлар, фермер ва томорқачи хотин-қизлар ташриф буюрди. Лойиҳа доирасида ташкил этилган семинарларда Қорақалпоғистон Республикаси вазирлар Кенгаши, Қурғоқчилик шароитида биодехқончилик халқаро маркази (ICBA), Оролбўйи халқаро инновация маркази, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ижроя қумитаси Нукус филиали, Қорақолпоғистон Республикаси Экология қўмитаси вакиллари иштирокида маърузалар ташкил этилган.
Конференцияда қайд этилганидек, бугунги кунда устувор масалаларидан бири бўлган қишлоқ хўжалигини ривожлантириш орқали аҳолини озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида мамлакатимизда тизимли ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқаришда аҳоли томорқалари ва шахсий ёрдамчи хўжаликлари муҳим ўрин тутиб, бунда хотин-қизларнинг ўрни беқиёсдир.
Лойиҳани амалга оширишдан мақсад Оролбўйи минтақасида экологик муҳитни яхшилашга кўмаклашиш, шўрланган ерларда тупроқ унумдорлигини ва чиқиндилардан унумли фойдаланиш орқали томорқа ерларининг самарадорлигини ошириш, экология ва табиатни асрашга Оролбўйи минтақасидаги аҳолининг масъулиятини кучайтириш, ерларнинг унумдорлигини оширишда инновацион усулларда тайёрланадиган компостдан фойдаланиш бўйича кўникма ҳосил қилиш ва олинган тажрибани оммалаштириш, янги усулда тайёрланган компост (органик ўғитдан) фойдаланишни йўлга қўйишга қаратилган.
Германия Ҳалқаро Жамияти ва Ўзбекистон “Аграр соҳа аёллари” томонидан Оролбўйи минтақасидаги аёлларни агротадбиркорликка жалб этиш орқали потенциалини кучайтириш, деҳқончилик ва чорвачилик йўналишида замонавий билимлар бериш, уларни инновацион, тежамкор технологияларидан, мавжуд ер-сув ресурсларидан самарали фойдаланиш усулларидан хабардор қилиш мақсадида семинарлар ташкил этилмоқда.
Маълумки, экологик масалалар республикамиз, айниқса Оролбўйи минтақаси учун ниҳоятда муҳим. Шу боис, семинарларда экологик вазиятни яхшилашда аҳоли томорқалари ва шахсий-ёрдамчи хўжаликлар эгаларининг масъулиятини ошириш баробарида зарурий билим ва маълумотлар берилди.
Маълумот учун, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ўз лойиҳаларини Ўзбекистонда 1992 йилдан буён амалга ошириб, барқарор иқтисодий ривожланиш, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўналишларида самарали фаолият олиб бормоқда.