Орол денгизи экологик инқирози оқибатларини юмшатиш борасида яшил ўрмонзорлар ва қопламалар барпо этиш ишлари, Ўзбекистонда БМТ шафелигидаги Оролбўйи минтақаси учун кўпшериклик траст фонди доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар билан яқиндан танишиш мақсадида Европа Иттифоқи делегацияси ва унга аъзо давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Экология ва атроф-муҳитини муҳофаза қилиш қўмитаси вакилларидан иборат делегация Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрди.
Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашувида Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик алоҳида ўрин тутади. Ташкилот ТАСИС дастури доирасида Ўзбекистонга техникавий ёрдам кўрсатади. 1999 йил 1 июлда Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасида шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим ратификация қилинди. Бу битим сиёсий, иқтисодий, илмий-техникавий, ижтимоий, маданий-маърифий алоқалар ривожи учун имконият туғдирди. Жумладан, томонлар ўзаро савдода бир-бирларига энг қулай шароит яратадилар, бир-бирларига тегишли товарларни ўз ҳудудлари орқали эркин транзит қилишни таъминлайдилар. Ташрифнинг биринчи кунида делегация Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация марказининг Мўйноқ туманидаги “Мўйноқ” илмий-ишлаб чиқариш майдончасига ташриф буюрди. Маълумот ўрнида келтириб ўтиш жоиз, Европа Иттифоқи ваколатхонаси ва Оролбўйи халқаро инновация маркази ўртасида Оролбуйи ҳудудида ЕИ молиявий кўмагида 27 минг туп манзарали дарахт ва чўл ўсимликлари кўчатини экиб, яшил боғ яратиш буйича келишувга эришилган эди. Шу куни делегация аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, тегишли вазирликлар, қўмиталар ва Оролбўйи халқаро инновация маркази вакиллари иштирокида дарахт кўчатларини экиш маросимига старт берилди. Тадбир иштирокчилари “Мўйноқ» илмий-ишлаб чиқариш майдончасига 50 тупдан ортиқ манзарали дарахт кўчати, Мўйноқ туманидаги “Кемалар қабристони” очиқ дала музейи атрофига 50 тупдан зиёд саксовул кўчатини ўтқазди. Тадбирдан сўнг делегация аъзолари сафарини давом эттириб, Устюрт текислиги бўйлаб Орол денгизи қирғоқлари томон жўнаб кетди.